КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ ЙИЛИ-2015 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГҚАРОРИ«КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ ЙИЛИ» ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 8-сон, 91-модда)
Кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар, айниқса, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий, пенсия таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, оила ва жамиятда, ёшларни ўзбек халқининг кўп асрлик қадрият ва анъаналари руҳида тарбиялашда кексаларнинг ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида, шунингдек, 2015 йилнинг «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилиниши муносабати билан:
- «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурини амалга оширишнинг устувор вазифа ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш ва эътиборни кучайтириш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ёши улуғ инсонларга давлат хизматлари, шу жумладан, турли маълумотнома ва тасдиқловчи ҳужжатларни олиш хизматлари кўрсатишнинг энг қулай тизимини шакллантириш;
кексалар, авваламбор, фашизм устидан қозонилган ғалаба ва Ватанимизни қайта тиклашга муносиб ҳисса қўшган 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ёши улуғ инсонлар, биринчи навбатда, ёлғиз қариялар ва ногиронларга кўрсатиладиган ижтимоий ва маиший хизматлар рўйхатини кенгайтириш, уларни фаровон ва муносиб турмуш шароитлари билан таъминлаш учун маҳаллалар, «Нуроний» жамғармаси, бошқа нодавлат ташкилотлари ва ижтимоий тузилмалар томонидан моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш миқёсини ошириш;
фахрийлар ва ёши улуғ инсонларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирларини кўпайтириш, кўриш ва эшитиш органлари, таянч-ҳаракат тизими ва юрак-қон томир касалликларини даволашнинг замонавий усуллари билан қамраб олиш ва улардан фойдаланишни кенгайтириш, кексалар ва ногиронларни ёрдамчи ҳамда техник реабилитация воситалари билан, жумладан, имтиёзли асосда таъминлаш, кексаларга хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган санаторий-соғломлаштириш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш;
мамлакатимизнинг мудофаа қобилияти, иқтисодий, маданий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, жамиятимизда тинчлик, тотувлик ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлашга бебаҳо ҳисса қўшган, соғлом ва баркамол униб-ўсаётган авлодни тарбиялашда фаол иштирок этаётган кекса авлод вакилларига муносиб эътибор қаратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни тизимли асосда амалга ошириш, оила ва жамиятда ёши улуғ инсонларнинг ўрни ва обрўсини ошириш, болалар ва ёшларни ота-оналарни, ҳар бир нуронийни чуқур ҳурмат қилиш, эъзозлаш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш туйғуси руҳида тарбиялаш бўйича аниқ тадбирларни амалга ошириш;
ҳар бир кексага ҳар томонлама эътибор қаратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини кучайтириш ва ошириш, кексаларнинг ҳаёт фаолияти ва дам олишини ташкил этиш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, бунда улар учун туман ва маҳаллаларда мулоқот марказлари, қизиқиши бўйича клублар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш, телевидение, оммавий ахборот воситалари, кинотеатрлар, театр ва бошқа маданий-маърифий муассасаларда ёши улуғ инсонларнинг қизиқишларига мос мавзуда янги махсус кўрсатувлар, спектакль ва фильмлар яратиш ва эфирга узатиш ҳажмини кўпайтириш;
маҳаллалар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ташкилий тузилмасида кексалар ва ногиронларга доимий эътибор қаратадиган секторни мустаҳкамлаш, бунда уларга хизмат кўрсатадиган идора ва хизматлар, биринчи навбатда, пенсия, ижтимоий ва тиббий таъминот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишни назарда тутиш.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 12 декабрдаги Ф-4393-сон фармойишига мувофиқ тузилган Республика комиссияси томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, жамоат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
- Республика комиссиясига (Ш. Мирзиёев) «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурига киритилган тадбирларнинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш ва назорат қилиш юклансин.
Республика комиссияси:
бир ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва тегишли ҳудудлар ҳокимлари бошчилигида Давлат дастурини амалга ошириш бўйича тегишли комиссиялар ташкил этилишини таъминласин ва уларнинг зиммасига Давлат дастурида белгиланган вазифаларни сўзсиз, тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши учун шахсий жавобгарлик юкласин;
икки ҳафта муддатда вазирликлар, идоралар, компаниялар, уюшмалар ва бошқа хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар бир вазирлик ва идора, ҳудуд, шаҳар, туман ва аҳоли пунктларининг «Кексаларни эъзозлаш йили» бўйича ҳудудий ва тармоқ дастурлари ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилинишини таъминласин;
республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари даражасида тасдиқланган Давлат дастурига киритилган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича ишларни мувофиқлаштирсин ва ушбу тадбирлар амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин;
ҳар чорак якунлари бўйича «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида белгиланган тадбирлар бажарилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ахборот бериб борсин.
- Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги:
босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, интернет-ресурсларни жалб этган ҳолда, аҳоли ўртасида «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари, уни амалга ошириш бўйича асосий йўналишлар ва чора-тадбирлар мунтазам ва кенг кўламда ёритилишини;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга оширишдаги иштироки ва қўшган аниқ ҳиссасини акс эттирган ҳолда, Давлат дастурининг бажарилиши ҳақида кенг жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб боришни таъминласин.
- Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2015 йил 18 февраль,
ПҚ-2302-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 18 февралдаги ПҚ-2302-сон қарорига илова
Юклаб олиш: doc, 97 kb, pdf, 598 kb
СОҒЛОМ БОЛА ЙИЛИ-2014Ўзбекистон Республикасининг Президентининг Қарори
«Соғлом бола йили» Давлат дастури тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 9-сон, 87-модда)
Мамлакатимизда жисмоний соғлом, маънавий етук, ҳар томонлама уйғун ва баркамол ривожланган, мустақил фикрлайдиган, интеллектуал салоҳиятга, чуқур билим ва замонавий дунёқарашга эга, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш вазифасини изчил давом эттириш учун аниқ мақсадга қаратилган кенг кўламдаги комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятларини шу йўлда сафарбар этиш мақсадида ҳамда 2014 йил «Соғлом бола йили» деб эълон қилиниши муносабати билан:
- Қуйидагилар «Соғлом бола йили» Давлат дастурини амалга оширишнинг устувор вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:
соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантириш учун қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, бу борада қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга қаратилган янги қоида ва меъёрларни ишлаб чиқиш;
соғлом боланинг дунёга келиши масаласига соғлом ва аҳил оиланинг меваси сифатида қараб, оилада ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятлар муҳитини шакллантириш, ёш оилаларнинг оёққа туриб олиши учун моддий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болалик муҳофазасини таъминлаш, она ва боланинг саломатлигини мустаҳкамлаш, аёлларнинг ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши, уларнинг рўзғор ташвишларини енгиллаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;
соғлом болани вояга етказишда, патологияларсиз болалар туғилишида соғлиқни сақлаш тизими ва тиббиёт ходимларининг роли ва масъулиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича кенг кўламли ахборот-тушунтириш ишларини мунтазам олиб бориш;
соғлом болани шакллантиришда таълим-тарбия тизими ва спортнинг ролини кучайтириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, уларни юқори малакали ва тажрибали педагоглар билан таъминлаш, бошланғич таълимнинг юқори сифатини таъминлаган ҳолда болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан ошириш, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, болалар, айниқса қиз болалар ўртасида жисмоний тарбия ва спортга меҳр уйғотиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;
соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишда давлат ва жамият томонидан кўрсатиладиган ёрдам ва мададни кучайтириш, мазкур жараёнлар учун масъул бўлган соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, ижтимоий муҳофаза муассасаларида замонавий талабларга жавоб берадиган шарт-шароитларни яратиш, уларни ривожлантиришга йўналтириладиган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, соғлом болани тарбиялаш бўйича илғор халқаро тажрибани кенг кўламда ўрганиш ва амалда жорий этиш;
соғлом болани, айниқса, қиз болаларни тарбиялаб вояга етказишда, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун уларга кўмак бериш, болаларни турли тўгаракларга жалб этиш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича маҳалла ва бошқа жамоат тузилмаларининг ролини ошириш, ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, оилалар ва жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдамни ўз вақтида ва манзилли кўрсатиш борасида маҳалла ва бошқа жамоат тузилмаларининг масъулиятини кучайтириш;
«Соғлом бола йили» Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари ҳамда унинг бажарилиши тўғрисида кенг ахборот-тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил этиш, бунда оммавий ахборот воситаларининг, шу жумладан электрон оммавий ахборот воситаларининг ва Интернет тармоғининг имкониятларини фаол ишга тушириш.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 декабрдаги Р-4175-сонли фармойишига мувофиқ ташкил қилинган Республика комиссияси томонидан манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, жамоат ташкилотлари ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ишлаб чиқилган «Соғлом бола йили» Давлат дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
- Республика комиссияси (Ш.М. Мирзиёев) зиммасига «Соғлом бола йили» Давлат дастурига киритилган тадбирлар амалда бажарилишини ташкил этиш ва унинг мониторингини олиб бориш вазифаси юклансин.
Республика комиссияси:
бир ҳафта муддатда — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, туманлар ва шаҳарларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва тегишли ҳудудларнинг ҳокимлари бошчилигида Давлат дастурини амалга ошириш бўйича тегишли комиссиялар ташкил этилишини таъминласин, уларнинг зиммасига Давлат дастурида назарда тутилган тадбирлар сўзсиз, тўлиқ кўламда ва ўз вақтида амалга оширилиши учун шахсий жавобгарликни юкласин;
икки ҳафта муддатда — вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар бир вазирлик ва идора, ҳудуд, шаҳар, туман ва аҳоли пункти бўйича ҳудудий ва тармоқ «Соғлом бола йили» дастурлари ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишини;
тасдиқланган Давлат дастурига киритилган тадбирлар тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши учун давлат ва хўжалик бошқарувининг республика органлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари даражасида ишлар мувофиқлаштирилишини таъминласин, тадбирлар амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин;
йилнинг ҳар бир чораги якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига «Соғлом бола йили» Давлат дастурида назарда тутилган тадбирлар бажарилиши тўғрисидаги ахборот тақдим этилишини таъминласин.
- Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги:
«Соғлом бола йили» Давлат дастурининг мақсадлари ва вазифалари, уни амалга оширишнинг асосий йўналишлари ва чора-тадбирлари босма ва электрон оммавий ахборот воситаларини, шу жумладан Интернетнинг глобал тармоғини жалб этган ҳолда аҳоли орасида мунтазам, тизимли ва кенг ёритилишини;
Давлат дастурининг бажарилиши тўғрисида, унда назарда тутилган тадбирлар амалга оширилишида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг амалий иштироки ва аниқ ҳиссаси акс эттирилган ҳолда, кенг жамоатчилик доимий равишда хабардор қилиб турилишини таъминласинлар.
- Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2014 йил 19 февраль,
ПҚ-2133-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги ПҚ-2133-сон қарорига илова
Юклаб олиш: doc, 692 kb, pdf, 643 kb
ОБОД ТУРМУШ ЙИЛИ-2013Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«Обод турмуш йили» Давлат дастури тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 8-сон, 99-модда)
2013 йилнинг «Обод турмуш йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан мамлакатда халқнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, фаровонлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш вазифаларини амалга оширишга ресурслар ва имкониятларни сафарбар қилиш, давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларини кенг жалб этиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мақсадида:
- «Обод турмуш йили» Давлат дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин, қуйидагилар уни амалга оширишнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:
а) мамлакатда барқарорлик ва хавфсизликни, фуқаролар тотувлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва манфаатлари муҳофазасини таъминлаш;
б) аҳоли фаровонлиги ва реал даромадларининг изчил ўсишини таъминлаш, иш билан бандликни ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни янада ривожлантириш, аҳолини, биринчи навбатда, унинг ижтимоий ночор қатламларини ва кам таъминланган оилаларни давлат томонидан аниқ манзилли муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш;
в) аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, уларни замонавий ташхис ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, касалликлар профилактикасини кенгайтириш ҳамда уларни даволашнинг илғор тиббий технологиялари ва методларини жорий этиш, пировард натижада – одамларнинг, айниқса болалар ва оналарнинг соғлиғини мустаҳкамлаш;
г) жисмоний ва маънавий соғлом, уйғун камол топган ўсиб келаётган авлодни, профессионал, замонавий даражада тайёрланган кадрларни тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ҳар томонлама ошириш, таълим савиясини янада такомиллаштириш ва сифатини юксалтириш, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
д) халқнинг турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, янги уй-жойлар қуриш, замонавий йўллар ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик сув, электр энергияси ва иссиқлик билан кафолатли таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;
е) маҳалла институтини ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш, жойларда иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, ёш ва эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам беришни яхшилаш, маҳаллалар ва уй-жой мавзеларининг ташқи қиёфасини сифат жиҳатидан яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш вазифаларини ҳал этишда уларнинг роли ва аҳамиятини ошириш;
ж) оилаларни янада мустаҳкамлаш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги роли ва мақомини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда аёлларнинг иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва соҳаларидаги фаолиятини муносиб рағбатлантириш, уларнинг ўз иқтидорини намоён қилиши ва уй-рўзғордаги ишларини енгиллаштириш учун қулай ижтимоий-маиший шароитлар яратиш чора-тадбирларини амалга ошириш.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 13 декабрдаги Ф-3940-сон фармойишига мувофиқ тузилган Республика комиссиясига «Обод турмуш йили» Давлат дастурининг бажарилишини ташкил этиш ва мониторингини олиб бориш вазифаси юклансин.
- «Обод турмуш йили» Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича Республика комиссияси (Ш.М.Мирзиёев) қуйидагиларни таъминласин:
бир ҳафта муддатда – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ва тегишли ҳудудларнинг ҳокимлари бошчилигида Давлат дастурини амалга ошириш бўйича тегишли комиссиялар тузиш, уларга Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг сўзсиз, тўлиқ кўламда ва ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан шахсий масъулиятни юклаш;
икки ҳафта муддатда – вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар бир вазирлик ва идора, ҳудуд, шаҳар, туман ва аҳоли пункти бўйича «Обод турмуш йили» ҳудудий ҳамда тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
давлат ва хўжалик бошқаруви республика органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар даражасида тасдиқланган Давлат дастурига киритилган йўналишлар ва тадбирларни тўлиқ ва ўз вақтида бажариш ишларини мувофиқлаштириш, уларнинг амалга оширилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатиш;
ҳар чорак якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига тасдиқланган «Обод турмуш йили» Давлат дастури тадбирларининг бажарилиши тўғрисида ахборот тақдим этиш.
- Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, оммавий ахборот воситалари:
«Обод турмуш йили» Давлат дастурининг мақсади ва вазифаларини, уни амалга оширишнинг асосий йўналишлари ва чора-тадбирларини аҳоли ўртасида мунтазам, тизимли ва кенг ёритилишини;
кенг жамоатчиликнинг Давлат дастури бажарилиши тўғрисида доимий хабардор бўлишини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга оширишдаги аниқ ҳиссаси ёритилишини таъминласинлар.
- Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 14 февраль,
ПҚ-1920-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 ефвралдаги ПҚ-1920-сон қарорига илова
Юклаб олиш: doc, 665 kb, pdf, 628 kb
МУСТАҲКАМ ОИЛА ЙИЛИ-2012Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«МУСТАҲКАМ ОИЛА ЙИЛИ» ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 10-сон, 99-модда)
Жамиятимизнинг асоси бўлмиш оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, оилаларни, айниқса ёш оилаларни ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасида олиб борилаётган барча ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ролини ошириш, мустаҳкам, соғлом оилани шакллантиришда маҳалланинг мавқеини мустаҳкамлаш ва ролини кучайтиришга доир аниқ мақсадга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мақсадида, шунингдек 2012 йил Ўзбекистон Республикасида «Мустаҳкам оила йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 13 декабрдаги Ф-3760-сон фармойиши билан тузилган Республика комиссияси томонидан манфаатдор вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, жамоат ҳамда ноҳукумат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ишлаб чиқилган «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
«Оила соғлом экан — жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан — мамлакат барқарор» деган инсонпарвар тамойилдан келиб чиққан ҳолда, қуйидагилар «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурини амалга оширишнинг энг муҳим йўналишлари этиб белгилансин:
бугунги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, амалдаги қонун ҳужжатларига оила институтини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, янги қонунлар, қоида ва нормаларни ишлаб чиқиш, бу масалага жамиятимиз эътиборини янада кучайтириш;
ёш оилаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш, моддий ва маънавий жиҳатдан кенг қўллаб-қувватлаш, шу жумладан қулай ва шинам уй-жой билан таъминлаш, зарур имтиёз ва афзалликлар бериш;
жамиятимиз ва кундалик ҳаётимизда маҳалла институтининг ролини янада кучайтириш ва мақомини ошириш, Мустаҳкам оила йили мақсад ва вазифаларини ҳаётга татбиқ этишда маҳалла ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари аҳамиятини, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда шакллантиришда уларнинг таъсирини кучайтириш, ёш оилаларга зарур кўмак ва ёрдам бериш;
оила, биринчи навбатда, эҳтиёжманд оилаларнинг муаммоларини ҳал этишда давлат ва жамият томонидан ғамхўрликни янада кучайтириш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш ва фарзандларни тарбиялашда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, муносиб ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, бунда оилани мустаҳкамлашда асосий юкни ўз елкасига олган аёлларга алоҳида эътибор қаратиш;
«Соғлом она – соғлом фарзанд» тамойилига мувофиқ оила саломатлигини, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш;
жамиятимизнинг маънавий негизларини янада ривожлантириш, азалий миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш, жамиятимизда юксак маънавий муҳитни кенг қарор топтириш, миллий менталитетимизга мутлақо ёт бўлган ва кучайиб бораётган турли хил зарарли таъсирларга қарши туришда оиланинг ўрни ва аҳамиятини ошириш;
жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ролини кучайтириш ва шу мақсадда оила институтининг таълим ҳамда тарбия муассасалари билан ўзаро амалий ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг яқин ва самарали ҳамкорлигини таъминлаш.
- Республика комиссияси (Ш.М.Мирзиёев) зиммасига «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурининг амалга оширилишини ташкиллаштириш ва мониторинг қилиш вазифалари юклатилсин.
Республика комиссияси:
икки ҳафта муддатда, «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурининг устувор йўналишлари ва тадбирларидан келиб чиққан ҳолда, республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, жамоат ташкилотлари томонидан ҳар бир идора, вилоят, шаҳар, туман ва аҳоли пункти бўйича «Мустаҳкам оила йили»нинг ҳудудий ва тармоқ дастурлари ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилинишини таъминласин;
«Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурига киритилган тадбирларни тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида бажариш бўйича республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар даражасида ишлар аниқ-пухта мувофиқлаштирилишини ташкил этсин, Дастур амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин;
Дастурнинг амалга оширилиши тўғрисидаги материалларни йилнинг ҳар чорагида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида кўриб чиқсин;
ҳар чорак якунлари бўйича «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурида назарда тутилган тадбирлар бажарилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига ахборот бериб борсин.
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ш.М.Мирзиёев) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туманларда (шаҳарларда) «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурини амалга ошириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар, туманлар ҳокимлари бошчилигида ҳудудий комиссиялар тузилишини таъминласин, уларнинг зиммасига Дастурда назарда тутилган чора-тадбирлар тегишли ҳудудларда оғишмай ва тўлиқ ҳажмларда амалга оширилиши юзасидан шахсий жавобгарликни юкласин.
- Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, оммавий ахборот воситалари:
аҳоли, айниқса ёш оилалар ўртасида «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурининг мақсад ва вазифаларини, давлат томонидан оилаларни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш бўйича унда белгиланган чора-тадбирларни мунтазам ва кенг кўламда тушунтириб борилишини;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг Дастурда назарда тутилган тадбирларни амалга оширишга қўшган аниқ ҳиссасини акс эттирган ҳолда «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида кенг жамоатчилик доимо хабардор қилиб турилишини таъминласинлар.
- Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 27 февраль,
ПҚ-1717-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 27 ефвралдаги ПҚ-1717-сон қарорига илова
Юклаб олиш: doc, 453 kb, pdf, 545 kb
КИЧИК БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИК ЙИЛИ-2011Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«КИЧИК БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИК ЙИЛИ» ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 6-сон, 47-модда)
Мулкдорларнинг ўрта синфини шакллантириш, ички бозорни рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, янги иш ўринлари яратиш ва шу асосда аҳоли даромадларини кўпайтириш ва фаровонлигини оширишнинг муҳим омили, мамлакат тараққиёти йўлидаги фаол ҳаракатлантирувчи куч сифатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган кенг чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мақсадида, шунингдек, 2011 йил Ўзбекистон Республикасида «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан:
- Қуйидаги йўналишларга асосланган «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастури иловага* мувофиқ тасдиқлансин:
*Илова берилмайди.
мамлакатимиз ва унинг ҳудудларида янада қулай бизнес-муҳит яратиш, хусусий мулкчиликнинг устуворлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва бу борада ишончли кафолатларни таъминлаш, тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш, давлатнинг бошқарув функциялари ва рухсат берувчи нормаларни қисқартириш, бюрократик тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш, кичик бизнес субъектларининг молия-кредит ва хом ашё ресурсларидан, улар ишлаб чиқарадиган маҳсулотларга давлат буюртмалари берилишидан кенг фойдаланишини таъминлайдиган бозор воситалари ва механизмларини татбиқ этиш;
давлат ва назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига аралашувини кескин қисқартириш;
кичик корхоналар ташкил қилиш ҳамда кичик корхоналар ва тадбиркорларни рўйхатдан ўтказиш тартиб-қоидаларини янада соддалаштириш, кичик бизнес субъектларини қуриш ва уларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, нотураржой хоналари ва зарур ер участкаларини ажратиб бериш борасидаги масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни қабул қилиш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси учун солиқ ва бошқа тўловлар бўйича янада қулай шарт-шароитлар яратиш, имтиёз ва преференциялар бериш, ҳисоботлар тизими ҳамда молия, солиқ ва статистика органларига ҳисоботлар топшириш механизмини такомиллаштириш ва унификациялаш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредитлар бериш механизмини янада такомиллаштириш ва уларнинг ҳажмини ошириш, биринчи навбатда, инвестиция мақсадларига, бошланғич сармояни шакллантиришга кредитлар ажратиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳамда технологик янгилаш учун ўрта ва узоқ муддатли кредитлар бериш;
кичик бизнесни ривожлантиришга хорижий инвестицияларни, авваламбор, халқаро молия институтларининг кредитларини ҳамда тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб этиш ва йўналтириш;
саноат тармоқларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда юқори технологияга асосланган замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун кенг имкониятлар яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқаришга инновацион технологиялар жорий этилишини рағбатлантириш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштирокини кенгайтириш масалаларини тубдан ҳал этиш, уларнинг экспорт салоҳиятини оширишга, экспортга мўлжалланган маҳсулотини жаҳон ва минтақавий бозорларга олиб чиқишга кўмаклашиш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ахборот билан таъминлаш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларида уларга консультатив кўмак бериш тизимини янада ривожлантириш.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 14 декабрдаги Ф-3539-сон фармойишига мувофиқ тузилган Республика комиссияси зиммасига «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурининг бажарилишини ташкил этиш ва унинг мониторингини олиб бориш вазифаси юклансин.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари бошчилигида тегишли ҳудудий комиссиялар ташкил этилсин, уларнинг зиммасига Дастурда кўзда тутилган тадбирлар республика ҳудудларида белгиланган муддатларда сўзсиз ва сифатли амалга оширилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.
Бунда қуйидагиларга:
тадбиркорларнинг ўз ишини очиши билан боғлиқ масалаларда содир бўлаётган аниқ ўзгаришларга;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқлари — энергия ва газ таъминоти, сув ва иссиқлик таъминоти ҳамда бошқа тармоқларга уланиши бўйича шарт-шароитларнинг яхшиланиши ва муддатлари қисқартирилишига;
тадбиркорлик субъектларига ер участкалари, шунингдек, нотураржой хоналар ажратиб бериш билан боғлиқ ҳолат қанчалик яхшиланганига;
кичик бизнес субъектлари фаолиятини текшириш ва бошқа ортиқча чеклашларни, давлат ва назорат органларининг тадбиркорлар молия-хўжалик фаолиятига аралашувини қисқартириш борасидаги ишларнинг аҳволи қай тарзда ўзгараётганига;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилиши билан боғлиқ ишларнинг аҳволи қанчалик ўзгарганига алоҳида эътибор қаратилсин.
- «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси (Ш. М. Мирзиёев):
икки ҳафта муддатда республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа ташкилотлар томонидан ҳар бир вазирлик ва идора, минтақа, шаҳар, туман ва аҳоли пункти бўйича «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили»нинг ҳудудий ва тармоқ дастурлари ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилинишини таъминласин;
«Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастури бўлимлари ва бандларини тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида бажариш бўйича республика давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар даражасида ишлар мувофиқлаштирилишини ташкил этсин, Дастурга киритилган тадбирлар амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин;
Дастурнинг амалга оширилиши тўғрисидаги материалларни йилнинг ҳар чорагида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида кўриб чиқсин;
ҳар чорак якунлари бўйича «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурида назарда тутилган тадбирлар бажарилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига ахборот бериб борсин.
- Кичикбизнес ва хусусийтадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экспорти ҳажми ўсишига муҳим аҳамият берилгани ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда:
товарлар ва хизматлар экспорти ҳамда импорти бўйича статистик ҳисобот шаклларига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган товарлар ҳамда кўрсатилган хизматлар экспорти кўрсаткичлари бўйича алоҳида бўлим киритсин;
ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган товарлар ва кўрсатилган хизматлар экспорти ҳажмлари ҳамда таркиби тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиб борсин.
- Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, оммавий ахборот воситалари:
аҳоли, айниқса, тадбиркорлик субъектлари ўртасида «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари кенг кўламда тушунтирилишини;
республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг Дастурда назарда тутилган тадбирларни амалга оширишга қўшган аниқ ҳиссасини акс эттирган ҳолда, Дастурнинг амалга оширилиши мунтазам ёритиб борилишини таъминласинлар.
- Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 7 февраль,
ПҚ-1474-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 7 ефвралдаги ПҚ-1474-сон қарорига илова
Юклаб олиш: doc, 51 kb, pdf, 114 kb