Уюшма тўғрисида маълумот
Уюшма ҳақида
Уюшманинг тўлиқ номи: Ўзбекистон Республикаси ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси.
Қисқача номи: «Ўзёғмойсаноат» уюшмаси.
Почта ва жойлашган манзили: 100070, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Шота Руставелли кўчаси, 8-уй.
Расмий сайти: www. yogmoy.uz
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 январдаги ПҚ-4118-сонли «Ёғ-мой тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва соҳани бошқаришда бозор механизмларини жорий этиш тўғрисида»ги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси ташкил этилган.
Мазкур қарор республикамиз ёғ-мой саноатини ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этади.
Биринчидан, жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, республикадаги ёғ-мой корхоналари бир уюшмага бирлаштирилади.
Иккинчидан, ёғ-мой тармоғини бошқаришда бозор механизмларини жорий этилади.
Учинчидан, 2019-2020 йилларда амалдаги ишлаб чиқаришларни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва янгиларини ташкил этиш бўйича 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 37 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилади, ушбу лойиҳалар бўйича фойдаланишга топшириладиган янги ишлаб чиқаришларнинг асосий қисми хорижий инвесторлар билан ҳамкорлигини барпо этилади.
Тўртинчидан, тайёр ўсимлик мойи импортини босқичма-босқич қисқартириш, импортдан мойли хом-ашё олиб келиш ҳажмларини кўпайтириш, маҳаллий шароитда муқобил мойли хом-ашёлар етиштириш миқдорини 100 минг тоннага етказиш ҳисобига корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси камида 90 фоизга етказилади.
Бешинчидан, ёғ-мой маҳсулотлари нархлари барқарорлигини ва ички бозор эҳтиёжини бир маромда таъминлаш мақсадида 50 минг тонна ҳажмли мойли хом-ашё сақлаш бўйича замонавий сиғимлар ташкил этилади.
Олтинчидан, 2020 йилда ўсимлик мойи ишлаб чиқариш ҳажмлари 400 минг тоннани ташкил қилади, натижада республика аҳолисининг ёғ-мой маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи асосан ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳисобига қондирилади.
Уюшма фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари қуйидагилардан иборат:
- «Ўзёғмойсаноат» уюшмасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
- ёғ-мой хом ашёларини қайта ишлаш ва ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ягона комплекс сифатида ёғ-мой саноатини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, шунингдек замонавий бозор муносабатларини тармоққа кенг жорий қилиш;
- «Ўзёғмойсаноат» уюшмаси аъзо — ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш;
- ички ва ташқи бозорда маркетинг тадқиқотларини ташкил қилиш, тармоқни ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш, хом ашёни чуқур қайта ишлашда ва сифатли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, озуқа-ем базасини кенгайтириш, ички бозорни ёғ-мой маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлашда тармоқ корхоналарига кўмаклашиш;
- ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича илғор хорижий тажрибани ҳар томонлама ўрганиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ҳамда техник жиҳатдан қайта жиҳозлашда, юқори унумли замонавий инновацион технологияларни жорий этишда, мазкур мақсадлар учун инвестицияларни, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этишда тармоқ корхоналарига кўмаклашиш;
- ёғ-мой тармоғининг стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимларини халқаро талаблар ва стандартларга уйғунлаштириш орқали уни такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш;
- хом ашё базасини ривожлантириш ҳамда ёғ-мой тармоғи ташкилотларининг мойли ўсимлик уруғларини етиштирувчилар билан ўзаро муносабатлари механизмини такомиллаштириш;
- ёғ-мой саноати соҳасида кадрларни тайёрлашга бўлган реал эҳтиёжни ва истиқболли йўналишларни аниқлаш, мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув дастурларини такомиллаштиришда иштирок этиш, мазкур соҳада илмий-тадқиқот ишларини чуқурлаштириш;
- тармоқни жадал ривожлантириш ва ёғ-мой саноатининг барқарор фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш, шунингдек мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.
Уюшма ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади, уларнинг фаолиятларини мувофиқлаштиради, уюшманинг Уставида белгиланган мақсадларга эришиш чораларини кўради. Уюшма тижорат фаолияти билан шуғулланмайди ҳамда ўзининг фаолиятидан фойда олишни асосий мақсад қилиб қўймайди.