“Агробиохолдинг” МЧЖнинг соя етиштириш тажрибасини оммалаштириш – юқори ҳосил олиш гарови
Жорий йилнинг 4 май куни “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси ташаббуси билан “Агробиохолдинг” масъулияти чекланган жамияти дала майдонида соя етиштириш агротехнологиясига бағишланган илмий-амалий семинар ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий ишлаб чиқариш маркази, Тошкент давлат аграр универститетининг олимлари ва масъул ходимлари ҳамда соя етиштирувчи фермер хўжаликлари вакиллари, ёғ-мой корхоналари мутахассислари иштирок этди.
Семинарда таъкидланишича, бутун дунёда энг катта муаммолардан бири демографик ҳолат ҳисобланади. Чунончи, кейинги 50 йилда ер шари аҳолиси 2,5 миллиарддан 7,5 миллиардгача ўсди ёки 2,7 мартадан ортиқ кўпайди. Бундай шароитда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига, хусусан ўсимлик ёғига бўлган эҳтиёжини қондиришда ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари экиладиган майдонлардаги тупроқнинг унумдорлигини оширишда соя экинининг аҳамияти беқиёсдир. Шу боис бутун дунёда, жумладан Бразилия, Аргентина, Россия сингари йирик мамлакатларда соя етиштиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Биргина Аргентинада йилига 100 миллион тоннадан ортиқ соя етиштирилади.
Соянинг дони ва оқсилидан тўрт юздан зиёд турли хил маҳсулот тайёрланади. Унинг дони таркибида 45 фоизгача оқсил ва 25 фоизгача ўсимлик мойи, инсон организми учун фойдали бўлган аминокислоталар мавжуд.
Соя илдизлари орқали ҳаводан соф азотни ўзлаштириб, тупроқни бойитади. Ўсимлик ўсиш даврида ўзи учун ҳам, ўзидан кейинги ўсимлик учун ҳам маълум миқдорда азот қолдиради. Яъни у тупроқ таркибини яхшилаб, биологик жараёнларнинг фаоллигини оширади.
Умуман олганда, соя етиштириш, биринчидан, тупроқни биологик азот билан бойитади, иккинчидан, аҳолини сифатли, экологик тоза ўсимлик мойи билан таъминлашга хизмат қилади, учинчидан, соя донидан фойдаланган ҳолда 400 дан ортиқ ассортиментдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконияти яратилади, тўртинчидан, янги иш ўринлари ташкил этилади.
Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг соя етиштириш бўйича 2017 йил 14 мартда ПҚ-2832-сонли, 2017 йил 24 июлдаги
ПҚ-3144-сонли қарорлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 февралдаги 105-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда соянинг қишлоқ хўжалиги соҳасида тутган юксак ўрнини инобатга олган ҳолда республикамизда 2017 йилдан бошлаб кенг майдонларда соя етиштириш ишларига киришилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
29 мартдаги 259-сонли “2019 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилда Республика бўйича 20 минг гектар майдонда соя етиштириш ҳамда 35 минг тонна ҳосил жамғариш белгиланган.
Ушбу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида ёғ-мой корхоналари томонидан шу кунгача 1 минг 100 тоннадан ортиқ соя уруғлиги жамғарилди. Шундан, 800 тонна уруғчилик фермер хўжаликларидан,
300 тоннаси хориждан (Россиянинг Соко компаниясидан 180 тонна, Қозоғистон Республикасидан 120 тонна) олиб келиниб, фермер хўжаликларига тарқатилди. Хориждан келтирилган уруғликнинг
37 тоннаси “Нена” навининг элита авлодига мансуб бўлиб, 553 гектар майдонга экиш учун етади.
Бугунги кунда Республикада соя экиш ишларига оммавий тарзда киришилиб, 10 минг гектардан зиёдроқ майдонга уруғ қадалди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда соя етиштиришга хорижий компанияларда ҳам қизиқиш вужудга келмоқда. Жумладан, “American Soybean Corporation” (АҚШ) компанияси инвестиция киритиш ҳисобига 100 минг гектар майдонда генетик ўзгартирилмаган соя навларини етиштириш лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклиф билан чиқди. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши йилига ўртача 250-300 минг тонна мойли хом-ашё етиштириш ва маҳаллий ёғ-мой корхоналарга қайта ишлаш учун йўналтириш ҳисобига мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини 11 фоизга ошириш ва йилига ўртача 55 минг тонна соя мойи ва 220 минг тонна соя шроти ишлаб чиқариш имконияти беради. Шунингдек, Италиянинг “Omnia Onlus” фонди соя етиштириш ва қайта ишлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдирган. Ҳозирги вақтда ушбу таклифлар ўрганилмоқда.
Икки йиллик тажрибалар натижасида республикамизда соядан юқори ҳосил ва даромад олаётган хўжаликлар сони ортиб бормоқда. Жумладан, 2018 йилда Андижон вилояти, Бўз туманидаги “Ойбек-2”, Пахтаобод туманидаги “Ислом Охун”, Самарқанд вилояти, Нарпай туманидаги “Пахтакор”, “Илғор Пахтакор”, Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ туманидаги “Мадонис” фермер хўжаликлари соядан ўртача 30-35 центнердан ҳосил жамғаришга ва катта миқдорда даромад олишга эришди. Шунингдек, Тошкент вилоятида жойлашган “Агробиохолдинг” масъулияти чекланган жамият 2018 йилда “Янгийўл ёғ-мой” корхонаси билан шартнома тузиб, ҳар гектар майдондан ўртача 34 центнердан ҳосил жамғаришга ва 171 тонна ўрнига 234 тонна хом-ашё топширишга эришди. Ушбу натижа республикада соя етиштиришда энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ҳозирги вақтда “Агробиохолдинг” масъулияти чекланган жамият негизида Республикада биринчи марта соя уруғчилиги класстерини ташкил қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида Республикада соя етиштирувчи хўжаликларга маҳаллий иқлим шароитга мос келадиган 2500 тонна сифатли ва арзон соя уруғлиги етказиб бериш, тоза навли ва юқори ҳосилдорликка эга бўлган хорижий навларни маҳаллийлаштириш имкони яратилади.
Импортдан келтириладиган соя уруғлиги ўрни қопланади ва
4,5 миллион доллар миқдорида валюта иқтисод қилинади. Бундан ташқари, “Агробиохолдинг” масъулияти чекланган жамияти соя уруғлиги етиштирилган ҳар гектар майдондан 10,0 миллион, 1000 гектар майдондан 10,0 миллиард сўм миқдорида соф фойда олишга эришади.
Семинарда “Агробиохолдинг” масъулияти чекланган жамиятининг соя етиштириш борасида тажрибасини оммалаштириш юзасидан ўқув ва амалий машғулотлар ўтказилди, соҳа олимлари ва мутахассисларининг маърузалари тингланди, соя экиш ва етиштирилаётган соя экинига ишлов бериш жараёнлари иштирокчиларга амалий тарзда намойиш этилди.
Семинарда якунида иштирокчилар ва журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.