Ёғ-мой саноатининг кечаги ва бугунги куни
Туркистон пахтачилик соҳасида қадим замонлардан буён дунёга машҳур бўлган ўлкаси ҳисобланади. Бу юртнинг иқлими, ер ва сув шароитлари қулайлиги пахтадан мўл ҳосил олиш имконини беради. Қадимда деҳқонлар пахтанинг бир қисмини ип, бўз, газлама тайёрлаш учун ўзларида олиб қолиб, асосий қисмини хорижлик савдогарларга сотганлар. Ўлкада пахта тозалаш корхоналари бўлмаганлиги сабабли пахта чигити билан бирга экспорт қилинган. Фақат қисмангина чигит қовун, тарвуз, кунжут, зиғир уруғлари ва мева данаклари билан аралаштирилиб, ёғ олиш учун мойжувозларда ишлатилган холос. Бундай ёғ (мой)ни маҳаллий аҳоли зиғир ёғи деб атаганлар.
Чигитни толадан ажратиш машинаси (джин) ихтиро қилинмагунча чигит ёғ олиш учун асосий хом ашё сифатида ишлатилмаган. Тола ажратиш машинаси ёрдамида пахта толасини чигитдан ажратиб олиш қўлланила бошлангандан сўнг, бу хом ашё кўпайиб кетгач, уни саноат миқёсида қайта ишлаш зарурияти туғилади. Корхоналарда бир неча юз минг тонна пахта чигитдан ажратила бошлангач, чигитлар «чиқинди» тариқасида пахта заводи жойлашган шаҳар ҳудудлари ва темир йўлларга яқин ҳудудларни ифлослантириб юборади. Бунга қарши маҳаллий ҳукумат томонидан соғлиқни сақлаш меъёрларини бузмаслик учун чигитларни йўқотиш тўғрисида бир неча фармонлар чқарилади. Бу эса, ўз навбатида, чигитни мумкин қадар қайта ишлаш заруриятини юзага келтиради.
Тарихдан маълумки, 1870 йилларда Қўқон ҳонлиги тугатилиб, Россия империясининг Туркистон губернаторлигига бирлаштирилган. Ўрта Осиёнинг савдо маркази ҳисобланган Қўқон шаҳрига россиялик йирик савдогарлар, олиму мутахассислар кела бошлаганлар. Лекин, ўша йиллари Қўқонда саноат корхоналари бўлмаган.
Шифокор, ботаник, табиий ресурслар ва тиббиёт анъаналари тадқиқотчиси Иероним Иванович Краузе (1845-1909) талабалик йилларидаёқ Қўқон хонлигида топилган нефт конларини ўрганишга жалб қилинади. Илмий изланишлар олиб бориш билан биргаликда тадбиркорлик билан шуғулланган Иероним Иванович 1872 йилда Тошкентда ёғ-мой заводини ташкил қилиб, ёнғоқ, кунжут, пахта, қовун, зиғир ёғлари ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.
Шундай бўлса-да, ҳозирги “Қўқон ёғ-мой” корхонаси Туркистонда биринчи бўлиб ташкил этилган завод ҳисобланади. Ушбу корхона тарихига назар ташласак, 1883 йилда москвалик савдогар Қўқондаги чигит тозалаш заводи яқинидан, Аччиқкўл ҳудудидан ер сотиб олганлигини ва ёғ ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона қурганлигини ва уни 1884 йил 26 сентябрда ишга туширганлигини кўрамиз. Завод вальцовка, қовуриш қозонига эга бўлган тегирмондан, 2 та янчгич, 2 та гидравлик пресс ва кунжарани майдаловчи дастгоҳларга эга бўлган. 10 соатда 35 пуд ёғ ишлаб чиқарган.
1910 йилда ака-ука Вадьяевлар заводни сотиб олиб, технологик дастгоҳлар билан жиҳозлайдилар. Кейинчалик завод Андреевлар саноат бирлашмасига қўшиб олинади. Натижада эскирган технологик дастгоҳлар янгилари билан қайта жиҳозланади. Кунлик қуввати 200 тонна чигитни қайта ишлашга мослаштирилган завод цехларига 10 та пресс ўрнатилган бўлиб, бир кунда 32 тонна пахта ёғи ишлаб чиқарилган. Заводнинг йиллик қуввати 40-45 минг тонна чигитни қайта ишлаш ва 6,5-7,5 минг тонна ёғ ишлаб чиқаришдан иборат бўлган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Москва пахтачилик ширкати вакили Д.Кузин урганчлик Ёқуббой Иброҳимовдан сотиб олинган ер майдонида “Большая Ярославская мануфактура” томонидан қурилган завод Хива хонлигида пахта тозалаш саноатининг биринчи қалдирғочи эди. Завод қурилиши тез суръатда битказилди ва маҳаллий қурилиш хом ашёларидан – пишган ғишт, ганж, оҳак ва майдаланган тошдан фойдаланилди. Қурилиш ишларида рус ва немис усталари билан бир қаторда маҳаллий усталар – ўзбек, қорақалпоқ, татар миллати вакиллари ҳам қатнашдилар. Қурилиш бир ярим йил давом этди ва 1889 йилнинг декабр ойида завод ишга туширилади.
Корхона учун зарур дастгоҳ, жин жиҳозлари АҚШнинг Нью-Йорк денгиз портидан Атлантика океани, Ўрта Ер ва Қора денгизлардан ўтиб Одессага олиб келинган. Сўнгра темир йўллар орқали Каспий денгизи оша Закаспий темир йўлидан Чоржўйгача, ундан Амударё бўйлаб кемаларда Чолиш пристанига туширилган. Кейин от ва туя араваларида Янги Урганчга келтириб ўрнатилган. Барча йўл харажатлари олтин пул ҳисобига 370 минг рублга тушган.
Урганч пахта тозалаш ва ёғ-мой ишлаб чиқариш заводи нафақат воҳада, балки бутун Ўрта Осиёда иш бошлаган илк завод ва фабрикалардан бири эди. Шундан сўнг ўтган асрларда юзлаб саноат корхоналари қурилиши учун айнан Урганч пахта тозалаш ва ёғ-мой ишлаб чиқариш заводи тажриба (эталон) мактаби бўлган.
Пахта етиштиришдан келадиган даромаднинг кўплиги хусусий мулк эгаларининг соҳага бўлган қизиқишларини янада оширди. XVIII аср охирларида пахта тозалаш корхоналари тарқоқ равишда бўлса-да, хусусий мулк сифатида ташкил топа бошлайди. Тахминий ҳисоб-китобларга қараганда, шу даврда Хива хонлиги ва Амударё бўлимида 10 мингга яқин чарх, бир ярим мингдан зиёдроқ жувоз бўлган.
Суратда: чигитдан пахта ёғи олиш дастгоҳи – жувоз, XIX аср.
1890 йилда Хонқада рус капиталисти К.М.Черников фойдани тенг бўлиш шарти асосида Авазбой Қози Мадёров ерида пахтага дастлабки ишлов берадиган завод қуради. Кейинчалик Черников Авазбой Қози билан келиша олмай заводни Янги Урганчга кўчиради. Авазбой Қози эса ўзи мустақил равишда завод қуради. Хонқанинг кўзга кўринган кишиларидан бўлган Нажмиддин бой Петро-Александровск шаҳридан Питрей деган ураллик устани ёллаб, электр қуввати билан ишлайдиган тегирмон ва пахта толасини чигитдан ажратувчи дастгоҳлар билан жиҳозланган завод қурдиргани ҳам маълум. Бу кичик завод дастлаб 6 от кучига, кейинчалик 9 от кучига эга бўлган қувват таъминлагич (двигатель) билан ишлай бошлади.
Воҳадаги заводларда ишловчилар сони терим мавсумида 1500 киши бўлиб, шундан 415 киши доимий малакали ишчи-хизматчилар бўлган. Шундан Урганч пахта-ёғ заводида 150 киши ишлаган ва корхонанинг ўртача йиллик соф фойдаси 350-370 минг рубл (олтин пул ҳисобида) бўлган.
Кейинчалик ёғ-мой корхоналари Каттақўрғон, Андижон, Бухоро, Наманган, Қарши, Тошкент каби шаҳару қишлоқларда барпо этилди. Собиқ иттифоқ даврида бутун Ўзбекистон пахта хом-ашёсини етказиб берувчи ҳудудга айланди, натижада юртимизда пахта яккаҳокимлиги ҳукм сурди. Шу туфайли ёғ-мой корхоналарига миллионлаб тоннадан ортиқ пахта чигити етказиб берилди ва қайта ишланди.
Кўриниб турибдики, мамлакатимизда мойли хом ашёларни қайта ишлаш тизими катта йўлни босиб ўтган. Лекин фақат Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейингина барча соҳаларда бўлгани каби ёғ-мой саноатида ҳам ҳақиқий ривожланиш даври бошланди. Шу боис ҳозирги кунда юртимизда 240 тадан зиёд йирик ва кичик ёғ-мой корхоналари мавжуд бўлиб, улар томонидан 60 турдаги ва 200 дан ортиқ ассортиментдаги ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Корхоналардан 80 тасида ўсимлик мойи, 38 тасида маргарин маҳсулотлари, 25 тасида майонез, 94 тасида хўжалик ва атир совун ва 3 тасида дистилланган глицерин маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. Ишлаб чиқарилаётганган ёғ-мой маҳсулотлари UZTR 520-023:2017:2017 «Ёғ-мой маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида»ги техник регламент талабларига тўлиқ жавоб беради. Корхоналарда ISO 9001:2015 ва ISO 22000 халқаро сифат стандартлари жорий этилган.
Мамлакатимиздаги энг йирик, замонавий технологиялар билан жиҳозланган 80 дан ортиқ корхона “Ўзёғмойсаноати” уюшмаси аъзоси ҳисобланади.