• 16:16 10 Apr 2021
  • View

    A
    A
    A

    Font size

    0 % zoom
  • Forum
  • State symbols
  • EN
    Уз
    Ру
Official site of the Association "Uzyogmoysanoat"
  • MAIN PAGE
  • Ички бозорда етарли миқдорда ўсимлик мойи захираси мавжуд
Ички бозорда етарли миқдорда ўсимлик мойи захираси мавжуд
10:04 04 06 2021
70

Ижтимоий тармоқларда ички бозорда ўсимлик мойига узундан-узоқ навбатлар пайдо бўлганлиги тўғрисида хабарлар тарқала бошлади. Хўш, аслида ҳам шундайми, бозорларда ўсимлик мойи тақчиллиги юзага келдими?

Авваломбор шуни айтиб ўтиш лозимки, ички бозорда ўсимлик мойи захираси етарли миқдорда. Қайси бозорга борманг, ушбу маҳсулот етарли миқдорда савдога чиқарилаётганлигига гувоҳ бўласиз. Қолаверса, уюшма таркибидаги ёғ-мой корхоналари томонидан март ойида 17 минг 379 тонна пахта мойи  биржа савдоларига қўйилган бўлиб, шундан 5 минг 179 тоннаси ёки 30 фоизи тадбиркорлик субъектлари томонидан харид қилинган холос. Бу ички бозорнинг пахта мойига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилганлигини кўрсатувчи факт ҳисобланади. Биржа савдоларига қўйилган 1 литр пахта мойининг нархи ўртача 12 минг сўмни ташкил этмоқда.

Мутахассисларнинг тавсия қилишича, 1 киши учун бир суткалик озиқ-овқат маҳсулотида ёғнинг миқдори ўртача 80-100 граммни, шундан 25-30 грамми ўсимлик мойини ташкил этиши керак. Демак, бир киши 1 йилда ўртача 9,1-10,9 килограмм миқдорида ўсимлик мойини истеъмол қилиши талаб этилади. Агарда республикамизда 34,5 миллион аҳоли мавжудлигини инобатга олсак, уларнинг ўсимлик мойига бўлган талаби юқорида кўрсатиб ўтилган меъёр талаблари бўйича 314-376 минг тоннани ташкил этиши лозим. Лекин ҳозирги кунда республика аҳолиси томонидан ўртача 450 минг тонна  ўсимлик мойи истеъмол қилинмоқда. Шу боис ички бозорнинг ўсимлик мойига бўлган талабининг 40 фоизи импортдан келтирилган маҳсулот ҳисобига қопланмоқда.

Кунгабоқар мойи нархининг ошишига бир қатор объектив сабаблар мавжуд. Биринчидан, глобал пандемиянинг салбий оқибатлари озиқ-овқат хавфсизлигига таъсирини инкор этиб бўлмайди. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари ўзи етиштирган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини четга чиқармаслик чораларини кўрмоқда.  Жумладан, 2020 йилнинг март ойидан бошлаб Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасида мойли хом ашё, хусусан кунгабоқар дони экспортига чеклов қўйилди.

Иккинчидан, юқоридаги чеклов натижасида республика бўйича ўтган йилда 126 минг тонна мойли хом ашё импорти амалга оширилди. 2019 йилда бу кўрсаткич қарийб 301 минг тоннани ташкил этганди.

Учинчидан, 2021 йилнинг 9 январидан Россия Федерацияси ҳукумати мамлакат ташқарисига олиб чиқиладиган кунгабоқар ва рапс донлари учун белгиланган экспорт божлари миқдорини оширди. Шундай қилиб, кунгабоқар ва рапс донига экспорт божи экспорт қилинадиган маҳсулотлар божхона қийматининг 30 фоизигача оширилди, унинг пастки чегараси тонна учун 165 евро этиб белгиланди. Бунгача рапс ставкаси божхона қиймати 6,5 фоизга (тоннаси учун 11,4 евродан кам бўлмаган ҳолда), кунгабоқар дони учун 6,5 фоизга (тоннаси учун 9,75 евродан кам бўлмаган ҳолда) тўғри келган. Мойли хом ашё экспорти божи миқдорини ошириш тўғрисидаги қарор кунгабоқар ва рапс донларининг жаҳон нархлари кўтарилиши фонида экспорт ҳажмини камайтириш ва кунгабоқар ҳамда рапс донлари нархларининг ички бозорда ўсишини тўхтатиш мақсадида қабул қилинган. 

Тўртинчидан, дунё мамлакатларида ўсимлик мойлари нархи кескин ошиши кузатилди. Жумладан, ҳозирги кунда Ўзбекистон бозорига ўсимлик мойини етказиб берувчи асосий мамлакат – Россия Федерациясида 1 тонна кунгабоқар мойининг ўртача улгуржи нархи 1,6 минг долларни ташкил этмоқда. Украина ва Қозоғистон Республикасида ҳам нархлар ўсишда давом этмоқда.

Энди бевосита ижтимоий тармоқларда ички бозорда ўсимлик мойига узундан-узоқ навбатлар пайдо бўлганлиги тўғрисида хабарларга тўхталадиган бўлсак, шуни айтиб ўтиш керакки, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан пойтахт  бозорларида арзонлаштирилган маҳсулотлар савдо ярмаркаси ўтказилмоқда. Бу ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан, ўсимлик мойи нархининг кескин ошиб кетишининг олдини олишга қаратилган тадбир бўлиб, унда субсидия ажратилиши ҳисобига тадбиркорлар кунгабоқар мойини арзон нархларда савдога чиқармоқда.

Аҳоли арзонроқ нархдаги маҳсулотни олишга интилиши табиий ҳол. Бундан асло фожиа ясаш керак эмас. Энг муҳими, бугунги кунда ички бозорда ўсимлик мойи захираси етарли миқдорда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йилнинг 4 март куни “Мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тўғрисида” қарор қабул қилинди. Ушбу қарорга асосан жорий йилда 305 минг гектар майдонда мойли экинлар етиштирилади. Бунда, ҳудудлар бўйича асосий экин сифатида 125 минг гектардан ортиқроқ ерга соя, кунгабоқар, кунжут ва расп уруғи қадалади. Жумладан, 39,7 минг гектар майдонда соя, 56,6 минг гектар майдонда кунгабоқар, 28,5 минг гектар майдонда кунжут, 600 гектар майдонда рапс экилади. Шунингдек, 100 минг гектар ғўза қатор орасига соя, 21 минг 431 гектар лалми майдонда мойли экинлар – махсар ва зиғир етиштирилади. Мойли экинлар ғалладан бўшаган майдонларга ҳам жойлаштирилади. Жумладан, иккинчи экин сифатида 55 минг гектар майдонга кунгабоқар ва 3 минг 67 гектарга кунжут экилиши белгиланган. Қайд этиш керакки, жорий йилда экилаётган мойли экинлар майдони рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Таққослаш учун келтирадиган бўлсак, 2019 йилда 72,2 минг, 2020 йилда эса 95,3 минг гектарда мойли экинлар етиштирилган.

Умуман олганда, республиканинг кенг майдонларида мойли экинлар етиштирилиши натижасида 400 минг тоннадан ортиқроқ хом ашё жамғарилиши режалаштирилган. Ушбу хом ашё қайта ишлашга йўналтирилганда қўшимча равишда 100 минг тонна ўсимлик мойи олиш ва ички бозорга етказиб бериш ҳамда импортдан келтириладиган юқори қийматли ўсимлик мойи ҳажмини  70-75 фоизга қисқартириш имконига эга бўламиз.

Уюшма Ахборот хизмати.

  • Helplines:
Visitors counter
Online13 Current hosts322 All hosts243803
Found a typo?
Select spelling eror with your mouse and press CTRL + ENTER