Инсон ҳаётда ҳалол ризқ билан номига доғ тушурмасдан яшашга интилади. Маҳалла-куй ва дўсту биродарлар олдида юзим шувут бўлмасин, фарзандларимга ибрат бўлай, токи менинг қилмишларим учун уларнинг виждони азият чекмасин, дея ножоиз ҳаракатлардан ўзини тийиб яшайди. Бироқ, жамиятда шундай кимсалар ҳам борки, эртанги тонгни унутиб, фақат бугунги кунни ўйлайди. Бундай шахслар нафс балосига қул бўлиб, беихтиёр жиноят кўчасига кириб қолади.
Денов туманидаги Тотувлик маҳалласида вақтинча яшайдиган Толиб Сайфиевни (исм-шарифлар ўзгартирилди) ҳам нафс балоси қинғир йўлга бошлади. 70 ёшдан ошган бу шахс қўлбола мойжувозда чигит ёғи ишлаб чиқаришни ўзига касб қилиб олди. 2021 йили унинг бу қилмиши фош бўлди. Истеъмолга яроқсиз ёғ ишлаб чиқарган Толиб бобога тегишли жиноят иши қўзғатилди. Тўрт нафар фарзанднинг отаси, бир этак неваралар бобоси Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Денов тумани судининг 2021 йил 5 июлдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 186/2-моддаси 1-қисми билан айбли, деб топилди ва 1 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бобо жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг 2022 йил 20 апрелдаги ажрими билан ўталмай қолган 11 ой озодликни чеклаш жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.
Афсуски, Толиб Сайфиев қилмишидан тўғри хулоса чиқармаган экан. Судланганлик ҳолати тугалланмай туриб яна эски касбини бошлади. Қўлбола усулда тайёрланган, ҳеч қандай талабларга жавоб бермайдиган мойжувозни ишлатиб, истеъмолга яроқсиз ёғ ва кунжара маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Ўтган йил октябрь ойида божхона ходимлари маҳаллада тезкор тадбир ўтказаётганида “мойжувозчи” бобонинг ҳам уйига кирди. Ҳовлини кўздан кечириб, қўлбола усулда ясалган мойжувозга дуч келди. Шу куни ишчи ҳолатда бўлган битта мойжувоз қозони, бир донадан жувоз ўқи, жувоз пичоғи, генератор, тасма, насос, 1 дона 30 литр ҳажмли металл идиш, 15 литр ёғ, 11 килограмм техник чигит ва 41 килограмм чигит маҳсулоти, қўлбола мой солишга мўлжалланган битта челак тегишли тартибда далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинди.
Экспертиза хулосасига кўра, Т.Сайфиевдан олинган ўсимлик ёғи меъёрий талабларга жавоб бермаслиги, истеъмолга мутлақо яроқсизлиги аниқланиб, бу сафар унга нисбатан Жиноят кодексининг 186/2-моддаси 2-қисмин “в” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов ҳаракатлари якунлангач, Толиб бобо Сайфиев яна Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Денов тумани судининг қора курсисидан жой олди. Суд жараёнида Толиб бобо айбига тўлиқ иқрор бўлди. Божхона ходимлари 2022 йил 11 октябрда уйини кўздан кечириб, чигитдан олинган ёғ ва бошқа ускуналарни топишгани ҳамда олиб кетишганини тан олди. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган ўғлининг 3 нафар фарзанди ўз қаромоғида экани, турмуш ўртоғи ҳам касаллигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини айтиб, суддан енгиллик беришни сўради.
Суд жараёнида судланувчи бобонинг содир этган жинояти унинг айбига иқрорлиги, гувоҳлар кўрсатмаси, видеокамера билан хонадонни кўздан кечиириш ва ашёвий далилларни олиб қўйиш баённомаси, экспертиза хулосаси ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа ҳужжатлар билан ўз исботини топди.
Одил суд жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни, судланувчининг 60 ёшдан ошганини, қаромоғида вояга етмаган набиралари борлиги, оилада ягона боқувчи эканини инобатга олиб, тегишли жазо тайинлади. Мазкур ҳукм билан судланувчининг хонадонидан ашёвий далил сифатида олинган қўлбола ускуна ва жиҳозларни, чигит, қўлбола усулда ишлаб чиқарилган ёғ ва кунжара маҳсулотларини йўқ қилиш белгиланди.
Асқар Қудратов,
Сурхондарё вилоят суди
матбуот котиби.