Ўзбекистон Республикаси Президенти «Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Мазкур ҳужжатга асосан, 2022 йил 1 июлдан бошлаб 2025 йил 1 июлга қадар:
Оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди. Реклама хусусиятига эга бўлган ОАВлар бундан мустасно.
Бундан ташқари, бюджет ташкилотларига улардаги “кутубхона фонди” харажат моддаси орқали даврий босма нашрлар, уларнинг электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилади.
Шунингдек, 2023 йилдан бошлаб журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловни демократик тамойиллар асосида янада очиқ ва шаффофлик билан ўтказишга эътибор қаратилади, жумладан, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндорлари:
бош миллий мукофот учун – автомобиль;
биринчи ўрин учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари;
иккинчи ўрин учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 175 баравари;
учинчи ўрин учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари;
12 та рағбатлантирувчи номинациянинг ҳар бири учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади, дейилади қарорда.