Гарчи дунё халқлари тарихида мухим роль ўйнаган, давлатлар ва миллатлар ҳаётига катта ижобий таъсир ўтказган юртдошимиз Захириддин Муҳаммад Бобур ҳақида етарлича маълумотга эга бўлсангизларда, сизларга бу зотнинг баъзи қирралари ҳақида тўхталиб, маълумот бериб ўтсак савоб бўлар...
Бобур 1483 йили 14 февралда Андижон шаҳрида, Фарғона улусининг ҳокими Умаршайх Мирзо ва асли чингизийлардан бўлган малика Қутлуғ Нигор Хоним оиласида дунёга келади. “Бобур” сўзи форсий тилидан “бабр”, яъни “барс”, “йўлбарс” деган маънони билдиради. Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо Соҳибқирон Амир Темур авлодидан. Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ Мирзонинг эварасидир. Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигор-Хоним мўғул хонларидан бири Юнусхоннинг қизи бўлган.
Барча шаҳзодалар сингари Заҳириддин Муҳаммад Бобур таълим ва тарбияни отасининг саройида олади. Бироқ отадан жуда эрта етим қолади. 1494 йили Умаршайх Мирзо бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этади. 12 ёшида Бобур отасининг ўрнига тахтга ўтиришга мажбур бўлди. У ҳукмдор бўлган дастлабки йилларда Темурий шаҳзодалар ўртасида тожу тахт учун аёвсиз кураш авж олади. Ёш Заҳириддин Андижон тахти учун амакиси Султон Аҳмад Мирзо ҳамда укаси Жаҳонгир Мирзо билан курашишига тўғри келади. Бобур укаси билан муросага келишга ҳаракат қилади Жаҳонгир Мирзога Фарғона улусини иккига тақсимлаб, ярмини топширади. Ўзи эса Самарқанд учун бўлаётган курашларга киришади. Курашлар ҳеч қандай натижа бермайди, унда катта ҳарбий кучга эга бўлган Шайбонийхоннинг қўли баланд келади. Бобур Самарқандни ташлаб кетади. Бироқ Шайбонийхон 1504 йили Андижонни ҳам қўлга киритади ва Бобур жануб томон бош олиб кетишга мажбур бўлади. Кобул улусида ўз ҳокимиятини ўрнатади. 1505-1515 йиллар давомида у Марказий Осиёга қайтишга ҳаракат қилади, бироқ бу уринишларидан ҳам ҳеч нарса чиқмайди.
Бобур ўз мавқеини тиклаш мақсадида 1519-1525 йилларда Ҳиндистон учун бир неча бор жанглар олиб боради. 1526 йил Панипатда Ҳиндистон султони Иброҳим Лўди билан жанг қилади. 1527 йили эса Читора ҳокими Рано Санго билан курашади. Икки курашда ҳам Бобурнинг қўли баланд келади. Шу тариқа Бобур Ҳиндистонда ўз ҳокимиятига асос солади. Бобур асос солган сулола тарихда энг йирик сулолалардан бири бўлиб, унинг авлодлари 350 йилдан ортиқ Ҳиндистонга ҳукмронлик қилади.
Шу ўринда эшитганим бир қизиқ маълумотни айтиб ўтмоқчиман. Бобур 250 нафаргина жангчиси билан аввал Афғонистонни, кейинров 100 минглаб жангчилари бўлган Ҳиндистон султонларини қандай енгган? Аввало у моҳир саркарда бўлгани шубҳасиз. Қолаверса, ўша даврда унинг қўшинида ҳозирги пулемёт сингари қурол бўлган деган гаплар юради. Фақат у пулемётнинг ўқлари учлари темир қопланган ёғочдан бўлган дейишади.
Бобур ҳукмронлиги даврида Ҳиндистон гуллаб-яшнайди. Адабиёт, санъат, шаҳарсозлик ривожланади. Унинг ўғиллари ва авлодлари даврида Ҳиндистон қудратли мамлакатлардан бирига айланди. Бобурнинг авлодлари бобосининг бунёдкорлик ишларини муносиб давом эттиришади. Мамлакатда мукаммал маънавий-руҳий муҳит вужудга келади. Ҳиндистон тарихида Бобурнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Йирик ҳинд олими Жавоҳарлаъл Неру у ҳақида шундай дейди: “Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин катта силжишлар юз берди ва янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санъатга, архитектурага тоза ҳаво бахш этди, маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бирларига туташиб кетди”.
Булардан сўнг Бобур узоқ яшамади: 1530 йили Аграда 47 ёшида вафот этади. Ривоятларга кўра, Бобурнинг тўнғич ўғли Ҳумоюн Мирзо оғир дардга чалинади. Бобур уч кечаю уч кундуз Яратгандан ўғлининг дардига шифо сўраб, фарзанди чекаётган дардни ўзига беришини сўрайди. Ҳумоюн Мирзо тузалади, бироқ Заҳириддин Муҳаммад Бобур кўп ўтмай вафот этади. Кейинроқ унинг васиятига кўра фарзандлари унинг ҳокини олиб бориб Қобулга дафн этадилар.
Бобурнинг савоб ишларидан яна бири шуки, у Ҳиндистонни олган пайтлари халқ урф-одатларини ўрганса, у ерда эркак киши ўлса, ўлигини тирик хотини билан бирга оловда ёқиш қадимдан расм бўлган экан. Бобур бу одатга чек қўйиш ҳақида фармон чиқарган. Бу билан қанча бегуноҳ аёллар ўлимдан сақланиб қолганини тасаввур қилаверинг.
Бобур ва унинг авлодлари Ҳиндистонда сиёсий муҳитни бирлаштириб, шаҳарларни ободонлаштириш, савдони юксалтиришди, жуда катта маданий ёдгорликлар, мадрасалар, кутубхоналар, боғлар, карвонсаройлар барпо этишди. Биргина Тожмаҳал копмлексининг ўзи дунёга уларнинг ким ва қандай бўлганликларини ҳалигача кўрсатиб турибди.
Бобур нафақат давлат арбоби, у олим, ёзувчи, шоир сифатида ҳам ўзидан катта мерос қолдирган. Унинг тарихий “Бобурнома” асари катта илмий-географик, солиқ олишга оид “Мубаййин” асари иқтисодий аҳамиятга эгадир.
У ҳатто “Хатти Бобурий” рисоласини ҳам ёзиб, унда араб алифбосини туркий тиллар, хусусан, ўзбек тили нуқтаи назаридан соддалаштириб берган. Унинг ўзи тажриба сифатида “Хатти Бобурий” алифбосида Қуръони Каримни ҳам кўчирган экан.
Бир сўз билан айтганда, биз бугуннинг одамлари ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур билан ҳақли равишда фахрланамиз.
МИРЗО БОБУР ҚЎШИҒИГА
МУХАММАС
Тақдир манглайиға синовлар битган,
Ўн икки ёшинда тахт илкин тутқан.
Қадами Ҳинди-ю Афғонға етган,
“Мен Мирзо Бобурмен, ўша Бобурмен”.
Истаги тинчлик, ҳам оролиғ бўлган,
Ситамлардан бағри яролиғ бўлган.
Ҳар неки қилса, юз қаролиғ бўлган,
“Мен Мирзо Бобурмен, ўша Бобурмен”.
Охирги масканин Қобулда қурган,
Ватан шамолини кўксида туйган.
Юзини Маккамас юртиға бурған,
“Мен Мирзо Бобурмен, ўша Бобурмен”.
Дунёнинг ишидин доғли кўнгулмен,
Гаҳи шоҳ дедилар, гаҳи мўғул мен.
Мен эрса, туркини суйган ўғилмен,
“Мен Мирзо Бобурмен, ўша Бобурмен”.
Обид Сўфихонов.