Ҳозирги кунда юртимизда 200 тадан зиёд йирик ва кичик
ёғ-мой корхоналари мавжуд бўлиб, улар томонидан 60 турдаги ва 200 дан ортиқ ассортиментдаги ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Ёғ-мой корхоналарини ҳар томонлама ривожлантириш, янги замонавий технологиялар билан жиҳозлаш ва соҳада ягона сиёсат юритилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 январдаги ПҚ-4118-сонли «Ёғ-мой тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва соҳани бошқаришда бозор механизмларини жорий этиш тўғри-сида»ги қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси ташкил этилган.
Мойли хом ашёларни қайта ишлаш, ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарни ягона комплексга бирлаштириш, тармоқни ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш, ички бозорни сифатли, нарх бўйича рақобатдош ёғ-мой маҳсулотлари билан таъминлаш, ёғ-мой соҳасида фаол инвестиция сиёсатини юритиш, инвестицияларни, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ҳамда техник қайта жиҳозлаш мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш уюшма фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йилда қуйидаги ишлар амалга оширилди.
Жумладан, юшмага аъзо корхоналар сони 2019 йилнинг 1 мартида 30 тани ташкил қилган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 80 тага етказилди. Ушбу корхоналарда ISO 9001 ва ISO 22000 халқаро сифат стандартлари жорий этилган бўлиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар UZTR 520-023:2017 «Ёғ-мой маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида»ги техник регламент талабларига тўлиқ жавоб беради.
3 триллион 25 миллиард сўм миқдорида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди ва ўсиш суръати 106,5 фоиз ташкил этди.
Инвестиция дастури доирасида 25 та лойиҳа бўйича 16,6 миллион долларлик сармоя ўзлаштирилиб, прогноз 125 фоизга таъминланди, шундан, 10 та лойиҳа бўйича 6,6 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниб, бу борадаги прогноз 139 фоизга бажарилди.
Ёғ-мой корхоналари томонидан 13,9 миллион доллар миқдорида саноат маҳсулотлари экспорт қилиниб, бу борадаги прогноз кўрсаткичи 6,5 баробарга ошириб бажарилди.
Маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ 6 та лойиҳа бўйича 119,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва прогноз 115 фоизга таъминланиб, 12,5 миллион АҚШ доллари миқдорида импорт ўрни қопланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида жойлашган уюшма таркибидаги “Юнусжон аҳли” МЧЖ томонидан соя уни, оқсил изоляти ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. Йилига қарийб 30 минг тонна соя донини қайта ишлаш қувватига эга бўлган мазкур корхона дунёдаги етакчи компанияларда ишлаб чиқилган замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Ҳозирги кунда ушбу корхона мазкур йўналишга ихтисослашган Марказий Осиёдаги ягона саноат объекти бўлиб, унда Республикада биринчи марта соя уни, оқсил изоляти ишлаб чиқарилиши маҳаллийлаштирилди. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг 60 фоизи экспортга йўналтирилади, 40 фоизи импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар сифатида ички бозорга етказиб берилади.
2019-2020 йилларда уюшма таркибидаги ёғ-мой корхоналари фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда мойли хом ашё етиштириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган бўлиб, унга асосан 37,6 минг гектар майдонда мойли экинлар етиштирилиб, 45,0 минг тонна ҳосил жамғарилган. Ушбу хом ашёни қайта ишлаш натижасида 11,2 минг тонна ўсимлик мойи ва 33,6 минг тонна ем ишлаб чиқарилади.
Уюшма томонидан ноанъанавий мойли хом ашёлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида кичик мой ишлаб чиқариш модул цехи лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳага асосан яратилган модул цехи контейнерга жойлаштирилган бўлиб, кичик ҳажмдаги мойли хом ашёларни қайта ишлаш имконини яратади. Цех хом ашёни тозалаш, майдалаш, совуқ усулда пресслаш, фильтрлаш, рафинациялаш ва қадоқлаш учун зарур бўлган барча ускуналар билан жиҳозланган ва кунига 2 тонна мойли хом ашёни қайта ишлаш қувватига эга. Бирламчи ҳисоб-китобларга кўра, ушбу тизим бир ойда тўлиқ қувват билан ишлаганда ўртача 15-20 миллион сўмдан ортиқроқ соф фойда олиш имконияти мавжуд. Ҳозирги кунга 4 та ана шундай технологик тизимни экспорт қилиш бўйича хорижлик ишбилармонлар билан шартномалар тузилди. Келгусида модул цехни барча вилоятларга етказиб бериш кўзда тутилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, юртимизда етиштирилган ўрик, узум, қовоқ, тарвуз, анор, зиғир ва кунжутдан йилига 62 минг тонна ноанъанавий хом ашё олиш ва уни қайта ишлаш ҳисобига 16 минг тоннадан зиёдроқ шифобахш мой ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Жаҳон бозорида ушбу мойлар харидоргирлиги ва нархининг юқорилигини ҳисобга олсак, бу маҳаллий ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун улкан имконият эканлигидан далолат беради. Шу боис уюшма томонидан мева данаклари ва полиз маҳсулотлари уруғларини қайта ишлашга ихтисослашган 5 та кичик корхона ташкил қилинди.
Жорий йилда фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда ёғ-мой корхоналари томонидан соя ва кунгабоқар етиштириш ишлари амалга оширилди. Уюшма бу борадаги ҳар бир тадбирнинг самарали ташкил этилишини қўллаб-қувватлади, жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда мойли экинлар етиштириш бўйича семинарлар ташкил қилинди, кунгабоқар ҳамда соя етиштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиб, фермер хўжаликларига тақдим этилди, шунингдек уларга сифати юқори, серҳосил уруғликлар етказиб берилди ва маълум миқдорда бўнак маблағлари ажратилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида қарийб 45 минг тонна, жумладан 29 минг тоннага яқин кунгабоқар, 16 минг тонна соя дони етиштирилди ва корхоналарга келтирилди. Ушбу хом ашёни қайта ишлаш натижасида 11 минг тонна ўсимлик мойи ва 30 минг тонна шрот олинишига эришилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 январдаги ПҚ-4118-сонли “Ёғ-мой тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва соҳани бошқаришда бозор механизмларини жорий этиш тўғрисида” қарорининг 13-бандига асосан “Ёғ-мой саноати тармоғи кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш илмий-амалий маркази” ташкил этилган. 2019 йилда илмий-амалий марказда 203 нафар мутахассислар ўз малакаларини оширди. Илмий марказнинг масъул ходимлари “Олия”, ”ПЭТ агро оил”, ”Ҳаёт хусни” каби бир қатор корхоналарда хизмат сафарида бўлиб, мутахассислари учун ўқув машғулотлари ўтказди. Шунингдек, кичик ёғ-мой корхоналарига синов лабораторияларини ташкил этишда ва уларда фаолият кўрсатаётган мутахассислар малакасини ошириш амалий ёрдам кўрсатилди. Марказ томонидан ёғ-мой корхоналарига техника хафсизлиги талабларини таъминлаш, ёрдамчи материаллар сарфини белгилаш, ностандарт техник чигиларни қайта ишлашда зарур бўладиган технологик режимларни танлаш, ходимларни атестациядан ўтказиш ишларини ташкил этиш ҳамда технологик регламентларни ишлаб чиқиш ва келишиш бўйича хизматлар кўрсатилди.
Уюшма томонидан 2020 йилга мўлжалланган асосий вазифалар белгилаб олинди, жумладан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 апрелдаги ПҚ-4300-сонли қарорига асосан “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси тизимидаги 23 та ёғ-мой корхонасининг устав капиталидаги давлат акциялар (улушлар) пакетлари баҳоланиб, савдога қўйилган ва 5 та корхонанинг давлат акциялар (улушлар) пакетлари сотилди. 2020 йил давомида 18 та корхонанинг давлат акциялар (улушлар) пакетлари сотилиши кўзда тутилмоқда.
2. Йил якунига қадар 3 триллион 210 миллиард сўм (ўсиш суръати 106,1 фоиз) саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
3. саноат маҳсулотлари экспорти ҳажми 15,0 миллион долларга етказилади ва ўсиш суръати 114 фоизга таъминланади.
4. Инвестиция дастури доирасида 10 та лойиҳа бўйича 27,6 миллион долларлик сармоя ўзлаштирилади ва бу борада ўтган йилга нисбатан 2 барабар ўсиш суръатига эришилади. Натижада импорт ўрнини босувчи юқори қўшилган қийматга эга бўлган, йилига 10 минг тонна ўсимлик мой ишлаб чиқариш ҳамда сиғими 10 минг тонналик замонавий мойли хом ашё сақлаш омборини барпо этиш лойиҳалари амалга оширилади. Ўзлаштириладиган инвестиция ҳажмининг 7 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ташкил этади.
5. Маҳаллий шароитда 61,1 минг гектар майдонда мойли экинлар етиштириб, 77,0 минг тонна хом ашё, шундан 30 минг тонна соя, 28,7 минг тонна кунгабоқар ва 19,2 минг тонна махсар дони жамғарилади, ушбу хом ашёлардан 17,5 минг тонна ўсимлик мойи ишлаб чиқарилади ва 17,5 миллион доллар миқдорида импорт ўрни қопланади.
6. Корхоналар томонидан 109,5 миллиард сўмлик (ўсиш суръати 105,3 фоиз) маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар, шу жумладан импорт ўрнини босувчи 12 минг тонна переэтификацияланган ёғ, 1,0 минг тонна соя оқсили, 1,2 минг тонна дистилланган глицерин, 7 минг тонна гранулаланган омухта ем ишлаб чиқарилиши таъминланади.
Банк реквизитлари
Тўлиқ номи: | «Ўзёғмойсаноат» уюшмаси |
Манзил: | Ўзбекистон Республикаси, 100100, Тошкент шахри, Яккасарой тумани, Ш.Руставели кўчаси, 8 |
Телефон (факс): | 0 (371) 256 16 00, 202 16 00 |
Электрон почтаси: | info@yogmoy.uz |
Хизмат қилувчи банк: | АТ «Халк банк» |
МФО: | 01132 |
Ҳисоб рақами: | 2021 0000 6010 0933 7001 |
СТИР: | 207 291 167 |
ОКОНХ: | 19900 |
ОКЕД | 94110 |