САВОЛ ВА ЖАВОБЛАР
Дунё бўйича ҳар йили қанча миқдорда мой ишлаб чиқарилади ва сотувга чиқарилган мойнинг улуши қайси ўсимликларга кўпроқ тўғри келади?
Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматованинг таъкидлашича, ҳозирда дунё бўйича ҳар йили 100 миллион тонна атрофида ўсимлик мойи ва ҳайвон ёғи ишлаб чиқарилмоқда. Ишлаб чиқарилган мойнинг асосий қисми, тўғрироқ қилиб айтган, 80 фоизи ўсимлик мойи ҳисобланади, қолган қисмини ҳайвон ёғи, чўчқа саласи, сариёғ, куйдирилган ёғ, балиқ мойини ташкил этади. Йилига истеъмолга чиқарилаётган ҳайвон ёғлари 19-20 миллион тоннадан иборат бўлиб, асосан озиқ-овқат саноати учун йўналтирилади.
Мойлар орасида ишлаб чиқарилиши жиҳатдан соя мойи (йилига 20 миллион тоннадан кўпроқ) биринчи, пальма мойи (16 миллион тонна) иккинчи, рапс мойи (11 миллион тонна) учинчи, кунгабоқар мойи (8,8 миллион тонна) тўртинчи ўринни эгаллайди.
Қайси ўсимлик донидан энг кўп миқдорда мой олинади?
Олимларнинг таъкидлашича, энг кўп мой берадиган ўсимлик – кунжут ҳисобланади. Кунжут уруғининг таркибида 55-68 фоизгача мой, 16-22 фоиз оқсил ва 18 фоиз эрийдиган углевод мавжуд. Кунжут мойи озиқ-овқат саноатида, тиббиётда ва косметологияда ишлатилади. Уруғлари қобиқларидан ажратиб олинган хом ашёдан ҳолва тайёрланади. Мойи олинган кунжут кунжараси чорва моллари учун энг тўйимли озиқа бўлиб, унинг таркибида 40 фоиз оқсил, 8 фоиз мой, фосфор, калий ва бошқа моддалар ҳамда микроэлементлар мавжуд.
Ҳар йили дунё бўйича кунжут 5 миллион гектардан ортиқ майдонга экилади. Бу экин асосан Ҳиндистон, Хитой, Бирма каби давлатларга етиштирилади. Ватанимизда (асосан Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент, Самарқанд вилоятлари)да кунжут минг йиллардан буён экилиб келинмоқда. У асосан суғориладиган ерларда ўстирилади ва ўртача ҳосилдорлиги гектарига 10-12 центнерни ташкил этади.
Кунгабоқар уруғини экишда нималарга эътибор қаратиш керак?
Бу жараённи амалга оширишда даставвал кунгабоқарнинг экилаётган навлари давлат стандарт талабларига тўлиқ жавоб бериши шартлиги унутмаслик зарур. Эртапишар навларнинг 1000 дона уруғи вазни 60 граммдан кам бўлмаслиги талаб этилади. Кунгабоқар уруғи махсус агрегат ёрдамида ёки қўлда тозаланади. Уруғнинг унувчанлиги 95 фоиздан кам бўлмаслиги шарт. Уруғни экишдан олдин қуёш нурларига ёйиб бироз қиздирилса, уруғ тез текис униб чиқади.
Кунгабоқар ўсимлиги вегетация даврида кўпинча бир қатор касалликлар билан зарарланиши кузатилади. Шунинг учун кунгабоқар уруғини экишга тайёрлашнинг асосий омилларидин бири – бу касалликларга қарши кимёвий препаратлардан фойдаланиш ҳисобланади. “Витарос” (4 л.), “Максим” (2 л.), ГМК (гумат натрий 1,5+1,0 кг. купорос), “Бранотак” (6,0 кг.) каби кимёвий препаратларнинг бири билан бир тонна уруғ экишдан олдин дориланади.
Кунгабоқар уруғи тупроқнинг юза қатламида ҳарорат +10+12 даражага етганда март ойининг охирида ёки апрел ойининг бошларида, такрорий экин сифатида эса бошоқли дон экинлардан кейин, июн ойининг ўрталаридан 10 июлгача экилиши керак.
Кунгабоқарнинг экиш нормаси гектарига 6-7 килограммни ташкил этади. Кунгабоқар бир қаторлаб, қатор оралиғи 70х30 қилиб экилиши мақсадга мувофиқдир.
Пахта мойи ҳам табиий мой ҳисобланадими?
Ҳеч кимга сир эмаски, пахта мойи Ўзбекистонда анъанавий тарзда фойдаланиладиган маҳсулот ҳисобланади. Айнан ушбу мойда тайёрланган ўзбек миллий таоми – палов кунгабоқар мойида ёки бошқа ўсимлик мойларидан фойдаланган ҳолда тайёрланган ошга қараганда анча мазали бўлади. Маҳаллий хом ашёдан тайёрланган, турли аралашмалардан тозаланган пахта ёғи Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фойдаланиш учун рухсат этилган 100 фоиз табиий маҳсулот бўлиб, “Ўздавстандарт”нинг барча санитария-эпидемиологик меъёрларига мос келади.
Узум мойини шифога бой, қолаверса, инсонни ёшартирувчи маҳсулот дейишади. Шу тўғрими?
Узумнинг шифобахш хусусиятлари жуда кўп. Жумладан, унда нурга қарши, антиоксидант, тонусни кўтарувчи ва бошқа хусусиятларга эга 300 га яқин бирикмалар мавжуд. Кўпчилик учун таниш бўлган пектин моддалари ва органик кислоталардан ташқари, узум таркибида С, А, В1, В2, В5, В6, В9, Е, РР, Р витаминлари, калций, фосфор, магний, калий, темир, мис каби моддалар бор. Шу сабабли узум донагидан олинган мой ҳам турли касалликларга даво бўлади. Хусусан, узум мойи тромлар ҳосил бўлишига тўсқинлик қилиб, организмдаги моддалар алмашинувини яхшилайди. Узум мойи иммунитетни оширади, эрталаб бир ош қошиқдан истеъмол қилинса, организмнинг бир кунлик Е витаминига бўлган талабини тўлиқ қондиради. Бу эса тўқималар кексайишининг олдини олади. Узум мойи таркибида йодли кислоталар, косметологиянинг “арзандаси” – линол кислотаси ҳам бор. Шу боис бундай мой терининг табиий ёшлигини узайтирган ҳолда шикастланган ҳужайраларни тикласа, унинг фаол компонентлари тери тонусини ошириб, унга эластиклик бағишлайди. Ушбу мойнинг намлантирувчи хусусияти юз терисини сезиларли даражада яхшилаб, майда томирларнинг деворларини мустаҳкамлайди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, узум мойини биз нафақат шифобахш мойлар, балки ёшартирувчи маҳсулотлар қаторига бемалол қўшишимиз мумкин.
Гигиеник сертификат тушунчаси нимани англатади?
Гигиеник сертификат – маҳсулотларни сифат кўрсаткичлари бўйича таҳлил қилиш орқали Давлат санитария эпидемиология назорати органлари томонидан берилади. Гигиеник сертификат маҳсулотларнинг хавфсизлиги бўйича меъёрий талабларга мос келишини белгилаб беради.
Дезодорациялаш қандай жараён ҳисобланади?
Ўсимлик мойини таркибидаги хид ва таъм берувчи учувчан моддалардан юқори ҳарорат ва вакуум остида тозалаш жараёнига дезодорациялаш дейилади. Ўсимлик ёғларини полиэтилентрифосфат (ПЭТ) ёки шиша идишларга қадоқлаш амалга оширилади.
Хидсизлантирилган (дезодорацияланган) ва қадоқланган ўсимлик мойи ишлаб чиқариш миқдорини ошириш ва 2011 йилдан бошлаб 100 фоиз дезодорацияланган ҳолда ишлаб чиқаришни таъминлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 4 сентябрдаги 200-сонли “Ишлаб чиқарилаётган пахта мойи сифатини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган. Шу сабабли ҳозирги кунда ишлаб чиқарилаётган озуқавий ўсимлик мойи тўлиқ миқдорда хидсизлантирилиб, қадоқланган ҳолда савдога чиқарилмоқда.
Давлат стандарти нима?
Давлат стандарти – бу сертификатлаштириш учун мажбурий ва мувофиқ бўлган стандарт талабини белгиловчи техник хужжат ҳисобланади. Ҳар бир маҳсулот учун алоҳида давлат стандарти ёки стандарт талабларидан келиб чиққан ҳолда техник шартлар ишлаб чиқилади. Давлат стандарти ишлаб чиқилгандан кейин керакли ташкилотлар билан келишилади ва “Ўзстандарт” агентлиги томонидан кўриб чиқилиб, давлат рўйхатига киритилади.
Масъулияти чекланган жамиятнинг моҳияти нималардан иборат?
Бир ёки бир неча шахс томонидан таъсис этилган, устав фонди (устав капитали) таъсис ҳужжатлари билан белгиланган миқдорларда улушларга бўлинган хўжалик жамияти масъулияти чекланган жамият деб ҳисобланади. Масъулияти чекланган жамиятнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар.
Жамиятнинг таъсис шартномаси ва устави жамият таъсис ҳужжатлари деб ҳисобланади.
Акциядорлик жамиятлари акциядорлари реестри ҳамда дивидент дегандан нимани тушунмоқ керак?
Жамият акциядорлари реестрини шакллантириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, қимматли қоғозлар эгаларининг депозитарийлардаги депо ҳисобварақлари ҳолатига кўра марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажарувчи қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади.
Жамият акциядорлари реестрини шакллантириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, қимматли қоғозлар эгаларининг депозитарийлардаги депо ҳисобварақлари ҳолатига кўра марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажарувчи қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади.
Дивиденд фойданинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан, қайта инвестиция амалга оширилганидан сўнг акциядорлик жамияти ихтиёрида қоладиган, акциядорлар ўртасида тақсимланиши керак бўлган қисмидир.